Хабарлар

Янги қонун муҳокамаси: Алимент тўламаганлар қай тарзда жазоланади?

Алимент тўловларини тўлаш масалаларни тартибга солишни назарда тутган "Ўзбекистон Республикаси айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги Қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни муҳокамаси порталида умумий муҳокамага қўйилган, деб ёзмоқда Sof.uz.

Янги норматив-ҳужжат талабларига асосан, бир ойдан ортиқ алимент тўловларини тўламаган шахсларга нисбатан 15 сутка маъмурий қамоққа олиш чорасини қўллаш ҳақида Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексига қўшимча банд киритилади. Бу вояга етмаганларни боқиш ёки ногирон ва моддий ёрдамга муҳтож бўлган ота-оналарга тегишли бўлади.

Шунингдек, алиментни тўлашдан бўйин товлаш фақат такроран содир этилган тақдирда жиноий жавобгарликка тортилади, яъни 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 1 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазо чораларини кўллаш белгилаш кўзда тутилмоқда. Шу билан бирга, қонун лойиҳасида хорижга чиқиш учун қарздор шахс томонидан алимент тўловларини олдиндан тўлаш ва гаров миқдори ҳақидаги банд киритилган.

Қонун лойиҳасида кўзланган асосий мақсад бу давлат томонидан алимент тўловлари бўйича қарздор шахсларни жиноий таъқиб қилиш ёки жиноий жавобгарликка тортиш эмас балки улар томонидан алимент тўловларни тўлақонли тўлашни таъминлашга қаратилган.

19 май куни ушбу норматив-ҳужжат лойихаси муҳокама қилиш жараёни якунланади. 2017 йил 1 июлдан қонун лойиҳасини кучга киритиш режалаштирилган.