Фойдали маслаҳатлар

Уй тозалашда асқотадиган тавсиялар

Кўпчилигимиз уй тозалашни зерикарли ва кўп вақт оладиган машғулот деб ҳисоблаймиз. Бироқ баъзи усуллар борки, улар ушбу жараённи анча енгиллаштиради. Уй тозалашда асқотадиган бундай усулларнинг бир нечтасини қуйида ўқишингиз мумкин.

Блендерни тозалаш учун…

Блендерга илиқ сув солиб, бир неча томчи суюқ совун томизинг. Сўнг блендерни бир неча дақиқага ёқиб қўйинг. Уни ўчиргач, таом юқини осонгина кетказиш мумкин бўлади.

Гиламдаги кир доғини кетказиш учун…

Ош содасини бироз сув билан аралаштириб, паста ҳосил қилинг ва уни гиламнинг кирланган жойига суринг. Кечаси билан шу ҳолда қолдириб, эртаси куни чангютгич билан тозалаб олишингиз мумкин.

Яна бир усул гиламдаги доғга сув (2/3) ва сирка (1/3) аралашмасини суришдан иборат. Сўнг ўша жойни ҳўл латта билан ёпиб, устидан дазмол югуртиринг.

Чармдан қилинган жиҳоз эскириб қолган бўлса…

Уни поябзал учун мўлжалланган оддий крем ёрдамида ишқалаб артиб чиқинг. Шилиниш ва тирналишдан ҳосил бўлган излар шу заҳотиёқ йўқолади.

Кўрпа-тўшакларни тозалаш учун…

Пуркагичи бор идишга бироз ароқ солинг ва уни тўшакнинг бутун юзасига сепиб чиқинг. Тўшакни очиқ ҳавода қуритинг. Ароқ ёқимсиз ҳид таратадиган барча бактерияларни ўлдиради.

Идиш-товоқ ювувчи губкани тозалаш учун…

Губкани микротўлқинли печга бир неча дақиқага қўйиб олинг. Бу зарарли бактерияларнинг тахминан 99 фоизини қиришга ёрдам беради.

Ёғли доғни кетказиш учун…

Кийимингизга ёғ томса, ўша жойга оддий оқ бўрдан суринг. Бўр изини нам латта билан артиб ташланг.

Юмшоқ мебелни тозалаш учун…

Диван юзасига спиртли аралашмани сепинг ва мулойим губка билан артиб чиқинг. Шундан сўнг қолган кирни кетказиш учун қаттиқ чўткадан фойдаланинг.

Духовка ифлосланиб қолса…

Ёйиқроқ идишга ярим стакан аммиак солиб, совуқ духовкада бир кечага қолдиринг. Эртаси куни духовкани осонгина тозалаб олишингиз мумкин.