Пишириқлар

Қримча чебурек тайёрлаймиз

Қримча чебуреклар тайёрлашнинг турли хил усуллари бор. Лекин қрим-татарча усулда тайёрланган чебуреклар ўзига хос мазаси ва хушбўй ҳиди билан ажралиб туради.

Зарур масаллиқлар

хамири учун:

  • Ун — 3 стакан
  • Тухум — 1 дона
  • Сув — 0,8 стакан
  • Ўсимлик ёғи — 0,3 стакан

қийма учун:

  • Қийма — 400 г
  • Пиёз — 1 дона
  • Туз — 1 чой қ.
  • Мурч — 1 чой қ.

Тайёрланиши

Унни чуқур идишга элаймиз.

Сувли пиёлага тухумнинг алоҳида ажратилган сариғини соламиз ва махсус куракча ёрдамида яхшилаб аралаштирамиз.

Унга тухум сариғи қўшилган суюқликни аста-секинлик билан қуямиз. Бунда унни доимий равишда аралаштириб турилади.

0,3 пиёла ўсимлик ёғини қўшамиз. Куракча билан ишлаш ноқулай бўлса, хамирни қўлларимиз билан қорамиз.

Хамирни бир неча бўлакларга ажратамиз ва ҳар бирини ўқлов ёрдамида юпқа қилиб ёямиз.

Қиймага майда қилиб тўғралган пиёзни, туз ва мурчни қўшамиз ва яхшилаб аралаштирамиз.

Қийма қуруқроқ чиқса, бироз шўрва ёки сув қўшиш мумкин.

Ёйилган хамирдан айлана шакллар кесамиз.

Ҳамма хамирдан 15—20 дона айлана шаклдаги юпқа хамирчалар чиқиши керак. Уларнинг сони катталигига боғлиқ.

Ҳар бир айлананинг ярим қисмига қийма қўйиб чиқамиз.

Қиймани кўп қўйиб юборманг, чунки у пишмай қолиши ёки хамирдан чиқиб кетиши мумкин.

Кейин эса ҳар бир чебурекни эҳтиётлик билан ёпиштириб чиқамиз.

Хамир ва қийма тамом бўлгунча чебурекларни ясашда давом этамиз.

Уларни яхши қиздирилган ўсимлик ёғида қизартириб пишириб оламиз.

Чебурекларни фақат қайнаб турган ёғга солиш лозим, акс ҳолда улар тилла рангли пуфакчалар билан қопланмайди.

Ёқимли иштаҳа!

Манба: Daryo.uz