Гўзаллик

Ўзимиз қош теришни ўрганамиз

Қошни салонда тердириш — қиммат бўлмаган ва кўп вақт олмайдиган жараён. Бироқ кўп ҳолларда стилист ёки сартарош қошларингизга сиз истаган шаклни бера олмаслиги мумкин. Шундай ҳолатларга йўлиқмаслик учун қош териш маҳоратини ўзингиз ўзлаштиришингиз керак бўлади.

Биринчи навбатда қошингиз шаклини аниқлаштириб олинг.

  • Думалоқ юзларга қайрилма, учи ингичкалашиб, тепага кўтарилган қош ярашади.
  • Юзингиз тўртбурчак шаклида бўлса, унда кескин қайрилмаган, балки ёйсифат кўринишдаги, қалин ва узун қош мос тушади.
  • Учбурчак юзлилар — пешонаси кенг ва ияги ингичкаларга асосан қошнинг учини пастга туширмаслик тавсия этилади.
  • Овал шаклидаги юзларга эса қошни ҳар қандай кўринишда териш ярашаверади.

Қошни теришда энг асосий қоида шуки, фақат қош остидаги тукларни олиб ташлаш мумкин. Қош тепасидаги соччаларга тегмаган маъқул. Бундан ташқари, қошни жуда ингичкалаштириб юборманг — қош қалинлиги асосдан қайрилган жойгача деярли бир хил бўлиши, фақат уч қисмидагина бироз ингичкалашиши мумкин.

Қош теришда оғриқни камайтириш учун, иш бошида юзга бир дақиқага иссиқ сочиқ қўйиб олиш мумкин. Иш жойи яхши ёритилган бўлиши керак, шунингдек, катта кўзгудан ташқари, катталаштириб кўрсатувчи кўзгуча ҳам керак бўлади.

Қошнинг боши, қайрилган жойи ва учига учта нуқтача қўйиб чиқинг. Мана шу схема бўйича юзингиз шаклига қараб, қошлар қалинлигини тўғриланг. Таъкидлаш жоиз, ҳозирда қалин ва табиий қош урфда.

Қошни териб бўлгач, унга қалам ёрдамида бироз шакл бериш мумкин, бироқ бунга жуда қизиқиб ҳам кетманг, акс ҳолда қошларингиз табиий кўринишини йўқотади. Қаламни максимал даражада ўткирлаб, қошингизнинг табиий йўналиши бўйлаб бир нечта чизиқлар туширинг, сўнг чўткача ёрдамида ушбу чизиқларни ёйиб, текислаб юборинг.