Фойдали маслаҳатлар

Ошхона ва ваннани табиий воситалар ёрдамида тозалаймиз

Кўпчилик уй бекалари уйда қийинчиликсиз тайёрлаш мумкин бўлган табиий ювувчи ва тозаловчи воситалар борлиги ҳақида ҳатто ўйлаб ҳам кўрмайди.

1. Хромланган юзаларга тиш пастасини суриб қўйиб, қурий бошлагандан сўнг артиб олинса бу юзалар бир пасда топ-тоза бўлади.

2. Кранлар юзасидаги доғларни лимон ёрдамида тозалаш мумкин. Лимонни ҳалқа қилиб кесинг ва ваннахонадаги кранларнинг доғли жойларига қўйинг. Ярим соатдан сўнг сув билан ювинг ва юмшоқ мато билан артиб ташланг.

3. Лимон шарбати ёрдамида ваннани ҳам тозалаш мумкин. Бунинг учун бир пиёла лимон шарбатини юзаси ғадир-будирли губка ёрдамида ванна ичига суриб чиқинг. Бир соатдан сўнг бироз артинг ва сув билан ювинг. Бу восита эмалланган ва акрилли ванналар учун ҳам мос келади.

4. Агар кафель плиталари хиралашиб қолган бўлса, уларни лимон шарбатига ботирилган юзаси ғадир-будирли губка ёрдамида тозалаш мумкин.

5. Унитаздаги доғлар ва бактерияларни тозалаш учун, лимон шарбатини пуркагичга солинг ва унитаз юзасига сепинг. 15 дақиқадан сўнг чўтка ёрдамида тозаланг ва ювиб ташланг.

6. Ойна ялтираб туришини хоҳласангиз, унинг юзасига лимон шарбатидан сепиб қўйинг ва 10 дақиқадан сўнг юмшоқ латта билан артиб ташланг.

7. Раковина ва кранлардаги доғларни тозалаш учун сирка ва сувни 1:1 миқдорда аралаштиринг ва 5 томчи нашатир спирти қўшинг. Аралашмани пуркагичга солинг ва доғли жойларга сепинг. Ярим соатдан кейин бироз ишқаланг ва сув билан ювиб ташланг.

8.Агар кафель плиткаси оралари моғор босган бўлса, қиздирилган сиркага ботирилган ўртача қаттиқликдаги тиш чўткаси ёрдамида ишқаланг, қуригандан кейин эса бўр суринг ва қуруқ, юмшоқ мато билан артиб ташланг.

9. Кафелдаги доғларни тозалаш учун уни ҳўлланг ва сода билан ишқаланг. 10 дақиқадан кейин яна бироз ишқаланг ва ювиб ташланг.

Манба: Daryo.uz