Фойдали маслаҳатлар

Оилавий бюджетни тартибга соламиз

Мутахассислар фикрига кўра, 70 % ёш оилаларнинг ажрашувига сабаб бўладиган омиллардан бири пул билан боғлиқ келишмовчиликлар экан. Камдан-кам ҳолларда турмуш қуриш арафасида турган ёшлар бўлажак янги оиланинг молиявий томонларини ўйлаб кўради. Бу масалада қарама-қаршиликлар юзага кела бошлаганда эса “бош қотиришга” мажбур бўлади. Мана шу паллада оила бюджетини режалаштириш айни муддаодир. Бунинг учун икки ёш аввало, бюджет қаердан тўпланиши ва пуллар қаерга сарфланишини тасаввур эта олиши лозим.

1. Назорат ўрнатинг

Агар сиз молиявий масалада тартиб ўрнатмоқчи бўлсангиз, биринчидан, барча даромадни ҳисоблаб чиқинг. Сўнг харажат, харид ва тўловларга кетадиган маблағларни тақсимлаб чиқинг. Бу тартибни ким назорат қилишини ҳам тайинлашни унутманг.

2. Ёзма рўйхат тузинг

Эхсел дастурида оддий жадвал тузинг ва унга асосий даромад ҳамда харажатларингиз рўйхатини  ёзиб боринг. Масалан, рўзғорга олинадиган озиқ-овқатлар, уйдан ташқари овқатланиш, турли хизматлар (телефон, Интернет, гўзаллик салони ва бошқа), йўл ҳақи, кийим-кечак ва ҳоказо.

3. Савдолашишдан уялманг

Баъзи кишилар савдолашишга сабр қилмай ёки “нархини туширинг, қиммат экан” дейишдан уялиб, сотувчи айтган нархда сотиб олаверади. Ваҳоланки, ўша маҳсулот сиз харид қилган нархдан анча арзон бўлиши мумкин.

4. Тежамкор бўлинг

Тўғри, бугун истеъмол бозори кенг бўлгани боис, тежамкор бўлиш мушкул, лекин, кўпчилик миллионерлар тежаш, пул билан муомала қилиш натижасида бой бўлишган.

5. Ҳисобот тайёрланг

Ҳар ой бошида бюджет режасини тузганингиз каби, ҳар ой охирида ҳам ўзингиз учун ҳисобот тайёрлаб боринг.

Юқоридаги маслаҳатларга амал қилиш ва назорат қилиб бориш кундалик юмушга айланиб борса, ўз-ўзидан ҳаётингиз яхшиланишига, моддий жиҳатдан муаммоларингиз камайишига олиб келади. Бу эса оиланинг янада мустаҳкам бўлишига ҳисса қўшади.