Биласизми?

Очлик ҳиссини алдашнинг 5 йўли

Парҳез қилишни бошлаётган кўпчилик қизлар очлик ҳиссини қандай енгиш керак деган қийин саволга дуч келади. Ахир, гўзаллик ўз йўли билан ва хушбичим бўлишга интилиш мақтовга лойиқ бўлса-да, лекин ейишни ҳамма ҳам хоҳлайди. Қуйида очлик ҳиссини алдашнинг баъзи йўллари келтирилган.

Тез-тез овқатланиш ёрдамида алдаш

Кам-камдан кўп марта овқатланиш иштаҳани йўқотишга ёрдам беради. Бир кунда 2—3 марта овқатланиш режимидан кўра оз-оздан ва тез-тез 5—6 мартагача ейиш яхшироқ. Бу ҳолатда тўйиш ҳисси пайдо бўлади, меъда эса кенгаймайди.

Ухлашдан олдин алдаш

Бир пиёла шакарсиз чой, узвара, ўтли қайнатма ёки лимон шарбати қўшилган сув очлик ҳиссини пасайтиришга ёрдам беради.

Визуал тарзда алдаш

Айёр психологик усулнинг маъноси шундаки, овқатланиш учун кичкина идиш танланади. Бу оддийгина кўзни алдаш туфайли ликоп кичкина бўлса ҳам тўла кўринади. Ва сиз уни бўшатганингизда тўйиш ҳисси пайдо бўлади.

Ранглар ёрдамида алдаш

Қизил, тўқ сариқ ва сариқ  рангларнинг илиқ турлари иштаҳани очади. Яшил ва мовий ранглар эса аксинча бироз тинчлантиради. Шунинг учун ошхона ва бошқа хоналар рангларини қайтадан кўриб чиқинг ва парҳез вақтида бундай иштаҳани очадиган ранглардан узоқроқ юринг.

Ҳидлар ёрдамида алдаш

Баъзи ҳидлар иштаҳани пасайтириш хусусиятига эга деб ҳисобланади. Корица, ванилин ва қаҳва билан дўстлашишга ҳаракат қилинг. Ҳатто қаҳва донини ёки бир чимдим эзилган корицани бироз чайнаш ҳам мумкин. Иштаҳани очадиган зираворларни эса яхшиси узоқроққа яшириб қўйинг.

Манба: Daryo.uz