Мулоҳаза учун мавзу

Ногиронлик айб эмас: Сўз ногирон болаларнинг оналарига

Инклюзив таълим лойиҳаси ҳақидаги мақола эълон қилинганидан кейин бизга бу масала юзасидан қўшимча маълумот олиш мақсадида бир неча мурожаатлар бўлди. Телефон орқали биз билан алоқага чиққан бир аёлнинг суҳбатини ўзининг розилиги билан ёзиб олдик. У фақат исмини тўлиқ эълон қилишмизни истамади. Шунинг учун уни шартли равишда Муниса деб атаймиз:

“Инклюзив таълим лойиҳаси ишга тушиш арафасида мен ташҳиси “даун синдроми” бўлган фарзандимни боғчага жойлаштириш масаласи билан юрган эдим. Фарзандим оилада учинчи. Опаси ва акаси соғлом. Шунинг учун катта фарзандларим борган боғчага жойлаштириш мақсадида ҳужжат йиға бошладим. Аммо бир қатор муаммоли вазиятларга дуч келдим. Фарзандимга алоҳида эътибор ва тарбия зарурлигини менга туман Халқ таълими бўлимидагилар тушунтиришди.

Фарзандимнинг вояга етиш даврида жисмоний ривожланиши оғир кечганини (жуда кеч ўтирди, кеч эмаклай бошлади, юрганида эса у деярли уч ёшга тўлган эди) ҳисобга олмаганда ақли ва фаросати тенгқурлари қатори. У ҳозир беш ёшда. Махсус ихтисослаштирилган боғчага бораётганига ҳам бир ярим йил бўлди.

Боғчада унинг тарбияси билан малакали мутахассислар шуғулланишади. Шу масканга борганидан бери боламда яхши ўзгаришларни сездим. Унда дадиллик, қизиқувчанлик шаклланди. Аммо унинг феълида аввал кузатмаганим – даунча қилиқлар ҳам пайдо бўлди (бунақа қилиқларни боғчага илк борган кезларимиз бошқа даун болаларда кузатган эдим). Буни кўпроқ “тантиқлик” деб аташ мумкин.

Она сифатида, албатта, бу ҳолат мени ташвишлантиради. Шунинг учун лойиҳанинг амалга ошганидан жуда севиндим. Чунки, болам уйда соғлом опа-акаси, ҳовлида соғлом тенгқурлари билан мулоқотда бўлганида ҳаракатлари ва табиатида уларга ўхшаш жиҳатлари пайдо бўлганини сезаман. Келажакда уни оммавий умумтаълим мактабига бериш умидидаман”.

Яна бир оналардан бири шундай деб ёзади:

“Тўққиз йиллик турмушимдан тилаб-тилаб олган фарзандимнинг нуқсони тиббиёт тилида жуда узун ва тушунарсиз сўздан иборат. Маҳаллий педиатримиз буни менга оддий қилиб, ақлий ривожланишдан орқада қолиш, деб тушунтирди.

Гўдаклигида эса уни невропатолог кўригидан ўтишга олиб бордим. У (“шифокор” дейишга тилим бормайди) менга “Боланг туғма касал, уни даволатаман, деб бекорга овора бўлма. У барибир тузалмайди! Қиладиган ишинг фақат катта бўлганида махсус боғчага, кейин махсус мактабга берасан. Акс ҳолда соғлом болалар уни масҳаралаб, ҳатто, уришлари мумкин”, деди.

Жинка кучукдек жуссаси кичкинагина бу аёлни қандай қилиб ёқасидан олиб, тумшуғига бир туширганимни эслай олмайман. Кейинчалик билсам у поликлиникадан бўшаб кетибди.

Айтмоқчи бўлганим бу эмас. Ўша болам ҳозир саккиз ёшда. Етти ёшида тегишли  мутахассислар кўригидан ўтқазиб, боламни оммавий мактабга бердим. Мактабда уни ҳеч ким хафа қилмайди. Аксинча, ўқишда бирор қийинчилик бўлиб қолса, синфдошлари ёрдам беришади.

Аслида бундай болаларни айрим фаросатсиз тиббиёт ходимларидан ҳимоя қилиш керак. Шифокор бўлиб ногирон болалар туғилишини олдини ололмаяпсанми, ҳеч бўлмаса бу синовга дуч келган оналар дардига малҳам бўл. Президентимизнинг тиббиёт ходимлари билан бўлиб ўтган учрашувидаги нутқини эшитиб, жуда хурсанд бўлдим. Зора, баъзи шифокорлар ўртасида учраб турадиган таъмагирликка барҳам берилса.

Инклюзив таълим лойиҳасига келсак, фақат шуни айтишим мумкин: бу ишларни аллақачон бошлаш керак эди!”

Яна бир жуда ғамгин хабарни ҳукмингизга қўйдик:

“Фарзандим туғма ногирон эди. Касаллиги – бош мия соҳасида қон айланиш тизимининг бузилиши. Гўдаклигидан бир машҳур невропатолог кўригида ҳисобда бўлдик. Биз қилиб кўрмаган даво, биз олмаган дори қолмади. Афсуски, боламнинг аҳволи кундан кунга оғирлашаверди.

Гўдаклигида атак-чечак юриб, гапира бошлаган боламнинг икки ярим ёшидан бошлаб тана аъзолари ҳаракатдан тўхтай бошлади. Охирги пайтларда эса у мени, дадасини ҳам танимай қўйди. Ютиниш аъзолари ишдан чиқди. Кўп ўтмай у бизни ташлаб кетди.

Уни ҳар эслаганимда ўзимнинг ҳам бўғзимга нимадир тиқилади. Ҳеч бир ота-она фарзанд доғини кўрмасин экан.

Олти ойдирки унинг жовдираб турган кўзларини қанчалар соғинишимни билмайсиз. Ҳеч қачон билманг! Чунки бу дард шунчалар оғир-ки, кўзларингизда мунгли из қолдиради.

Айнан шу ташҳис билан оғриган баъзи болаларнинг аҳволи у қадар оғир эмас. Шифохоналарда болам билан ётганимда бошқа болаларни кузатдим. Улар яшаб кетади.

Лойиҳа ана шундай болаларга имконият яратганидан хурсандман. Ахир фарзандини етаклаб боғчага ёки мактабга олиб бориш ҳар қандай она учун бахт эмасми?!”

Мен журналист сифатида яна нимадир ёзишим керак. Аммо нимани ёзай? Фақат шуни айтишим мумкинки, бу инклюзив таълим лойиҳасининг келажагидан кўпчилик умидвор.

Ҳаётимизда жуда кўп одамларга дуч келамиз. Кимдир бой, кимдир ўртаҳол, яна кимдир ўта ночор. Яратган эса дардни танламай беради. Ҳаммага ўхшамаган, ақлий ривожланиши бироз паст ёки бирор нуқсон билан туғилган болаларнинг ҳам бошқалар қатори яшашга, бахтли бўлишга ҳаққи бор. Ногиронлик айб эмас, жиноят ҳам. Кўрсаткич бармоғимизни кўтаришдан, кафтимиз билан оғзимизни беркитиб “тавба” дейишдан, уларга ачиниш ҳисси билан қарашдан аввал, ногирон болажонларнинг жамиятда ўз ўрнини топиши кўп ҳолларда атроф-муҳитга, бизга ҳам боғлиқ эканини унутмайлик. Хулоса ўзингиздан.

Манба: Qalampir.uz