Биласизми?

Микротўлқинли печнинг сиз билмаган фойдали функциялари

Замонавий уй бекалари учун одат бўлиб қолган микротўлқинли печь баъзан фойдаланувчилар қаршисида кутилмаган томонлари билан намоён бўлади. Қуйида бу техниканинг ошхона юмушларини енгиллаштирувчи ўзига хос имкониятларидан баъзилари келтирилган.

Шакар узоқ вақт сақланиши натижасида ажратилиши қийин бўлган катта бўлакларга айланиб қолади. Бундай шакарни нам салфеткага жойлаштириб печ ичига 25 сония қўйилса, у яна аввалги ҳолатига қайтади.

Шарбат қилиш учун тайёрланган меваларни микротўлқинли печга 10 сония қўйиб олсангиз — бу мевалардан кўпроқ шарбат оласиз.

Ёнғоқларни бир томчи зайтун ёғи билан 60 сония давомида қиздирсангиз, салатлар учун хушбўй, озуқали масаллиқ олишингиз мумкин.

Қотган нонни нам сочиққа ўраб печда 20 сония қиздирсангиз худди янги пиширилгандек бўлади.

Саримсоқ доналари пўстини тезроқ тозаламоқчи бўлсангиз, уларни 15 сония микротўлқинли печга қўйиб олинг.

Оширилган хамир тезроқ кўтарилиши учун уни «сувли ҳаммом» ичига жойлаштиринг ва печда 3—4 дақиқа қиздиринг. Печдан чиқарганингиздан 5—6 дақиқа кейин хамир тайёр бўлади.

Энди нўхат, ловияларни пиширишдан олдин узоқ вақт ивитиш зарурияти қолмади. Уларни сувга солиб 10 дақиқа микротўлқинли печга қўйинг ва 60 дақиқадан сўнг таом тайёрлашга киришсангиз бўлади.

Агар картошка, ошқовоқ ёки бақлажонларни 2 дақиқа давомида печга қўйсангиз, уларни тозалаш енгиллашади.

Пиёзни 1 дақиқа микротўлқинли печда қиздирсангиз, тўғраш вақтида кўзларингиз ёшланмайди.

Манба: Daryo.uz