Кийиниш

Куз—2016 нинг тўй трендлари

Ҳар бир қиз чиройли оқ либосда турмушга чиқишни орзу қилади. Айнан ташқи кўриниш масаласига келганда фантазияларга эрк берилади.

Кимдир фата бўлиши шарт дейди, бошқасига эса қўлида ажиб бир гулдаста бўлса бўлди; кимдир жуда серҳашам либосни хоҳлайди, бошқаси эса этаги узун сипо кўйлак тарафдори; кимдир макияжи чақнаб туришини истаса, яна биров табиий гўзалликка нима етсин дейди — ҳар кимнинг диди ҳар хил.

Оқшом либослари каби жуда ўзгарувчан бўлмаса-да, тўй модасида ҳам ҳар мавсум ўзига хос янги қоидалар пайдо бўлиб туради. Бу янгиликларнинг барини илғаб олиш осон эмас, лекин биз 2016 йилги куз мавсумининг энг ёрқин трендларини саралаб олишга ҳаракат қилдик.

Енгли тўй либослари

Дизайнерлар бир неча мавсумдан бери елкаси очиқ либосларни тўй учун энг яхши ечим сифатида тавсия қилиб келаётган эди.

Бироқ бу йилги куз мавсуми услубида ўзгариш бор — кружевали ёки ипакли матодан тайёрланган, енгилгина эртакнамо фаришта тимсолини таратувчи калта енглар яна урфда.

Серҳашам либос — ўлмас классика

Кўплаб дизайнерларнинг коллекцияларида турли узунлик ва услубдаги қават-қаватлар этакларни кўриш мумкин. Бу услуб ҳеч қачон урфдан қолмаслиги аниқ.

Енгилгина «офтобда қорайиш» ва жигарранг smoky eyes

Ҳам майин, ҳам ёрқин бу кузги макияж келиннинг табиий гўзаллигига янада кучлироқ урғу беради.

Кружева ва дурлар

Бу қўшимчалар билан тўлдирилган келин либоси, фатаси, туфлиси ва заргарлик буюмлари янада назокатли кўринади.

***

Сўзимиз якунида айтмоқчимизки, ўзингизга қандай ташқи кўриниш танлашингиздан қатъий назар — романтик малика бўласизми ёки 50 йилларнинг фильмларига хос қайсар жонон — фарқи йўқ, муҳими, танловингиз айнан ўзингизга мос бўлсин, чунки тўй — ҳаётингизнинг энг унутилмас ва энг гўзал кунларидан биридир!

Манба: Daryo.uz