Қуюқ овқатлар

​Классик дуэт — картошка ва қўзиқоринли тоблама

Зарур масаллиқлар (4 кишилик): 1 кг. янги картошка, 700 гр. шампиньон қўзиқорин, 200 мл. қаймоқ, 200 гр. пишлоқ, 1 бош пиёз, 2 бўлак саримсоқ пиёз, 4 ош қошиқ зайтун ёғи, ярим боғ шивит, туз, қора мурч.

Тайёрланиши: 1. Шампиньонларни юпқа қилиб, пиёзни эса ҳалқа шаклида тўғранг.

2. Қиздирилган зайтун ёғида пиёзни тилла рангга киргунча қовуринг. Кейин шампиньонларни қўшиб, 5 дақиқа қовуришда давом этинг.

3. Картошкани айлана шаклида юпқа тўғранг-да, эзилган саримсоқ пиёз билан аралаштиринг.

4. Чуқурроқ идишга аввал картошканинг ярмини, кейин қовурилган пиёз ва қўзиқоринни солинг. Қолган картошкани ҳам солиб, устидан қаймоқнинг ярмини қуйинг. Идиш устини зар қоғоз (фольга) билан ёпиб, 180 даражада қиздирилган газ печига 40 дақиқага қўйинг.

5. Пишлоқни қирғичнинг катта томонидан ўтказинг. Кейин картошка тобламанинг зар қоғозини олиб ташлаб, қолган қаймоқ ва пишлоқни солиб, яна 10 дақиқа газ печида қолдиринг.

6. Шивитни майдалаб тўғраб, тоблама юзига сепинг-да, дастурхонга тортинг.

Тайёрланиш вақти: 1 ярим соат.

Манба: Darakchi.uz