Хабарлар

Кимга қанча пенсия тайинланади?

Меҳнат фаолиятини якунлаган ҳар бир инсонни, энг аввало, унга қанча пенсия тайинланиши ўйлантиради. Умуман, ижтимоий таъминотнинг мазкур тури ишлаётган ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди. Аммо бу борада баъзан тушунмовчиликлар, муаммолар юзага келиб туради. Президент виртуал қабулхонасига келиб тушаётган энг кўп мурожаатларнинг ҳам мазмуни айнан пенсия таъминоти билан боғлиқ. Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Пенсия тайинлаш бўлими бошлиғи Зафар Хўжаев фуқароларни ушбу масалада қизиқтирган айрим саволларга жавоб берди:

— Ёшга доир пенсияга чиқиш учун энг кам иш стажи неча йил бўлиши керак?

— Бунинг учун ҳақиқатда ишлаган иш стажи камида 7 йил бўлиши зарур.

— Агар иш стажи умуман бўлмаса ёки 7 йилдан кам бўлса-чи?

— Бундай ҳолларда аёлларга 60 ёшга ва эркакларга 65 ёшга тўлганда ёшга доир нафақа тайинланади.

— Фуқаро пенсияга чиққанда унинг ўртача ойлик иш ҳақи қандай тартибда ҳисобланади?

— Ишдаги мавжуд танаффуслардан қатъи назар, охирги ўн йиллик меҳнат фаолияти давомидаги исталган кетма-кет беш йилдаги умумий иш ҳақи олиниб, уни 60 га бўлиш орқали ўртача ойлик иш ҳақи ҳисоблаб чиқарилади.

— Ёшга доир пенсияни ҳисоблаш тартиби-чи?

— Бунда пенсия таянч (тўлиқ) миқдори — пенсия ҳисоблаб чиқариш учун олинадиган ўртача ойлик иш ҳақининг 55 фоиз миқдори (аёлларга 20 йил, эркакларга 25 йил) олинади. Бироқ унинг миқдори ёшга доир энг кам пенсиянинг 100 фоизидан кам бўлмаслиги керак.

Талаб қилинадиган иш стажи (аёлларга 20 йил, эркакларга 25 йил) дан ҳар бир ортиқча ва тўлиқ йил учун пенсиянинг таянч миқдори пенсия ҳисоблаб чиқариш учун олинадиган ўртача ойлик иш ҳақининг 1 фоизи миқдорида оширилади.

Масалан, фуқаро (аёл) 55 ёшда, 35 йил иш стажига эга (иш стажи 15 йил ортиғи билан). Ўртача ойлик иш ҳақи 200 минг сўм. У қуйидаги тартибда ҳисобланади:

Пенсиянинг таянч (тўлиқ) миқдори — 110000 сўм (200000х55%), ушбу миқдор ёшга доир энг кам пенсиядан кам бўлгани учун ёшга доир энг кам пенсия миқдори ҳисобга олинади — 292940 сўм. Ортиқча 15 йил иш стажи учун эса қўшимча 30000 сўм (200000х15%) ҳам ҳисобланади. Шунда умумий пенсия миқдори 322940 сўмни (292940+30000) ташкил этади.

Ёки яна бир мисол. Фуқаро (эркак) 60 ёшда, 32 йил иш стажига эга (7 йил ортиғи бор) бўлиб, ўртача ойлик иш ҳақи 900 минг сўм. Буни ҳисоблаш тартиби қуйидагича:

Пенсиянинг таянч (тўлиқ) миқдори — 495000 сўм (900000х55%). Ортиқча 7 йиллик иш стажи учун қўшимча 63000 сўм (900000х7%) қўшилади. Демак, умумий пенсия миқдори 558000 сўм (495000+63000) бўлади.

Кўриниб турибдики, талаб қилинадиган ва ундан ортиқ иш стажига эга фуқаронинг пенсия миқдори, асосан, иш ҳақлари қанча юқори бўлса, шунга мутаносиб равишда ошиб бораверади.

— Чет элда ишлаган давр иш стажига кирадими?

— Агар фуқаро Меҳнат вазирлигининг Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги орқали шартнома тузиб, чет элда ёлланган ҳолда ишласа ва Пенсия жамғармасига ўрнатилган тартибда суғурта бадалларини тўласа (ҳар ой учун энг кам иш ҳақи миқдорида), унинг иш стажи ва тўлаган суғурта бадали пенсия тайинланганда ҳисобга олинади.

— Пенсионер пенсияси билан боғлиқ барча маълумотларни мобиль телефондан ҳам билиш имкони бор экан. Бу хизматдан фойдаланиш учун нима қилиш керак?

— Бунинг учун 10711 қисқа рақамига SMS юборилса, фуқарога пенсияси билан боғлиқ барча маълумот келиб тушади. Унга уланиш учун эса аввал ­* фуқаронинг пенсия гувоҳномаси рақами * 1 * uz # дан сўнг чақирув тугмаси босилади. Шундан сўнг хизмат ёқилади. Шу орқали фуқаро ёки пенсионерга ҳар ойлик маълумотлар узатилади. Булар — пенсиясининг миқдори, агар фуқаро пенсияга чиқаётган бўлса унга пенсия тайинлангани, ҳар ой тўлангани, пенсиянинг тўланиш муддати қачон якунланиши (ногиронлик, боқувчисини йўқотганлик пенсияси назарда тутилмоқда) каби маълумотларни ўз ичига олади.

— Пенсияга чиқаётган фуқаро ўзига қанча миқдорда пенсия тайинланаётганини олдиндан билиши мумкинми?

— Албатта. Бунинг учун Пенсия жамғармасининг расмий pfru.uz сайтида ишга туширилган «Пенсия калькулятори» хизматидан фойдаланса кифоя. Унинг ёрдамида фуқаро ўзининг дастлабки пенсиясини юқорида айтилган амалларни бажариб, ҳисоблаб чиқариши мумкин.

— Дейлик, пенсия жамғармасининг айби билан фуқаронинг пенсиясини тайинлашда хатолик юз бериб, унга кам миқдорда пенсия ҳисобланган. Йиллар ўтиб бу аниқланди. Шундай ҳолда пенсионернинг аввалги йиллардаги ололмай қолган пуллари нима бўлади?

— «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги қонунининг 59-моддасига мувофиқ, фуқаро Пенсия жамғармасининг айби билан олмаган ёки ололмаган пенсия суммасини орадан қанча муддат ўтиб кетганидан қатъи назар, тўлиқлигича олиш ҳуқуқига эга.

— Пенсионер бошқа жойдан қўшимча рағбатлантирувчи пул ёки гонорар олса, қандай ҳолларда унинг пенсияси тўлалигича сақлаб қолинади?

— Қонун ҳужжатларига кўра, агар пенсионернинг олаётган ушбу суммаси ёшга доир энг кам пенсия миқдоридан ошмаса, у ҳолда фуқаронинг пенсияси тўлиқ миқдорда сақлаб қолинади.

Манба: "Оила даврасида" газетаси