Биласизми?

Духовкада картошка фри тайёрлаймиз

Қип-қизил қилиб ёғда қовурилган картошкани севмайдиганлар бўлмаса керак? Лекин ҳаммамиз ҳам бу таомнинг организм учун унчалик фойдали эмаслигини ва уни тез-тез ейиш зарарли эканлигини яхши биламиз.

Картошка фрини анъанавий усуллардан бошқачароқ қилиб тайёрлаш ҳам мумкин. Бу таомни камроқ ёғ солиб, духовкада пиширса ҳам бўлади.

Зарур масаллиқлар:

  • Картошка — 4 дона.
  • Саримсоқ донаси — 2 та.
  • Ўсимлик ёғи — 3 ош қ.
  • Майдаланган паприка — 1 ош қ.
  • Туз — 1 ош қ.

Аввало зираворли ёғни тайёрлаймиз.

Бунинг учун чуқур идишга кераклича ёғни, қирғичда қирилган саримсоқни соламиз. Туз ва паприкани ҳам солиб аралаштирамиз.

Картошкани пўстидан тозалаймиз ва сомон шаклида тўғраймиз.

Тўғралган картошкани қуритамиз ва устидан зираворли ёғни қуямиз.

Зираворли ёғ картошка бўлакларига бир текисда тарқалиши учун қўлларимиз билан яхшилаб аралаштирамиз.

Махсус патнисга пергамент тўшаймиз ва унинг устига картошкани жойлаштирамиз.

Картошка бўлаклари бир-бирига тегиб турмаса ширинроқ чиқади.

Уларни олдиндан 200ºC гача қиздирилган духовкада 20—25 дақиқа давомида пишириб оламиз.

Тайёрланиш вақти картошканинг қандай қалинликда кесилишига боғлиқ.

Духовкада пиширилган хушбўй ва мазали картошка фри тайёр, ёқимли иштаҳа!

Манба: Daryo.uz