Қуюқ овқатлар

5 та энг фойдали бўтқа

Мақолада турли фойдали хусусиятларга эга 5 та бўтқани келтириб ўтамиз.

Гречка бўтқаси — ёшликни сақлайди

Гречка ҳамма аъзолар ва уларнинг тизими фаолиятини бошқариб турадиган фойдали аминокислоталарга жуда бой. Таркибидаги А ва E витаминлар ҳисобига антиоксидант таъсир кўрсатади, иммун тизими фаолиятини яхшилайди, қариш жараёнини секинлаштиради. Бундан ташқари, бу бўтқа терининг таранглигини оширади, кўриш қобилиятини яхшилайди.

Гуручли бўтқа — нафақат меъда учун, балки мия учун ҳам озуқа

Гуруч таркиби организмга ижобий таъсир кўрсатувчи фойдали моддалар тўпламидан ташкил топган. Тиамин бош мия ҳужайралари ишини яхшилайди. Пиридоксин асаб тизимининг аниқ фаолият кўрсатишини таъминлайди. Рибофлавин эса қон ишлаб чиқарилиш жараёнини фаоллаштиради.

Тариқ бўтқаси — қомат ва юрак учун

Тариқ таркибида юрак мушаклари ишини бир маромда сақлашда керак бўладиган фойдали минераллар — калий ва магний мавжуд. Бундан ташқари, унинг таркибида ёғлар тўпланишининг олдини олувчи моддалар ҳам бор. Шунинг учун тариқ бўтқаси ортиқча вазнга қарши курашувчи ва қоматни хушбичим тутувчи парҳез таом сифатида тавсия қилинади.

Арпа бўтқаси — энг яхши уйқу дори

Арпа ёрмалар ичида таркиби мелатонинга бойлиги жиҳатидан биринчи ўринда туради. Бу гормонни одам организми тунги уйқу вақтида ишлаб чиқаради. Унинг етишмаслиги уйқусизликни ва хавотирлик ҳолатини келтириб чиқаради. Чақалоқдек тинч ухлашни хоҳласангиз, кечки овқат учун арпа бўтқасини танланг.

Сули бўтқаси — меъда-ичак йўли фаолияти ва мукаммал кўриниш учун

Сули таркибида организмга овқатлар билан тушадиган зарарли моддаларни олиш ва ичакларда, меъда ичкари қаватида ҳимояловчи қатлам ҳосил қилиш хусусиятига эга бўлган фойдали клетчаткалар мавжуд. Бундай бўтқа энг яхши нонушта ҳисобланади ва тери ҳолатини яхшилашга, тирноқ ва сочларни мустаҳкамлашга ёрдам беради.

Манба: Daryo.uz